Швеция: террорчиликда айбланган ўзбек талаблар илгари сурмоқда

Юк машинаси билан қилинган ҳужумда 5 киши ҳалок бўлганди.

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи,

Юк машинаси билан қилинган ҳужумда 5 киши ҳалок бўлганди.

Швеция пойтахтида террорчилик амалини қилишда айбланиб ҳибсда сақланаётган самарқандлик Раҳмат Оқилов турма расмийларига турли талабларни қўймоқда. Бу ҳақида Швеция матбуоти хабар тарқатди.

Афтонбладет ёзишича, бу ҳафта Оқилов ўз талабига биноан шахмат компьютерини олишга муваффақ бўлди.

Унинг ўз хонасидаги чироқ ёруғлигини камайтириш талаби ҳам қондирилган. Аммо, матбуот билан боғланиш ва тамаки талаблари рад қилинган.

39 ёшли Раҳмат Оқилов жорий йилнинг 7 апрелида пойтахт Стокгольм марказида одамларнинг устига юк машинани ҳайдаб, беш кишини ўлдиришда айбланади. У айбига иқрор бўлган.

Афтонбладетнинг ёзишича, Оқилов турмада бир неча бор тартибни бузган. Жумладан, у бошқа маҳбусларга ташланиб уларни ирқчи сўзлар билан ҳақоратлаган ва ўз камерасида Гитлерга ўхшаб салют берган.

Унинг агрессив амаллари ортидан Оқилов камерасини турма қўриқчилари 24 соат назорат қилишмоқда.

Швеция матбуоти Оқилов камераси суратларини чоп қилди.

Сурат манбаси, Nyheter24

Сурат тагсўзи,

Швеция матбуоти Оқилов камераси суратларини чоп қилди.

Тартибга биноан, у энди ташқи дунё ёки бошқа бирон шахс билан мулоқот қила олмайди.

Май ойида ўтказилган руҳий текширувлар Оқилов руҳан соғлом экани ва судга тортилиши мумкинлигини аниқлаган.

Оқилов айбланаётган жиноятлар бўйича ҳозирда Швеция полицияси кенг қамровли терговни олиб бормоқда. Хусусан, мингдан ошиқ кўрсатмалар олинган.

Унга расман 8 июнда айбловлар илгари сурилди.

Суд иши эса келгуси йил бошида бошланиши кутилади.

Швеция матбуотига гапирган Оқилов адвокати Йоҳан Эриксон ўз мижози талаблари қондирилишини оддий ҳол дея тасвирлади.

"Менинг мижозим жуда қаттиққўл чекловлар билан экстремал шароитларда яшаяпти. Агар унинг талаби қондирилган бўлса, бу мижозимнинг ҳаёт тарзини яхшилайди", - деди Эриксон.