Айбим давлатга фойдали фикр-мулоҳазалар билдирганимми?

Ёзувчи Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон

Сурат манбаси, Reuters

Туркияда истиқомат қилаётган таниқли Ўзбек ёзувчиси Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон Президент Шавкат Мирзиёевга очиқ мактуб эълон қилган.

Ўз мурожаатида адиб "Бу кунлар" ҳужжатли сиёсий-ижтимоий романи боис "давлатга қарши одам"га айлангани ва "қора рўйхат"га киритилгани ҳақида ёзган.

Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон Президент Мирзиёевдан холис таҳлилчиларни жалб қилиб, "Бу кунлар" романини бугунги кўз билан қайтадан баҳолатишни сўраган.

"Бу кунлар" романида Ўзбекистондаги ўзгача фикрловчилар, жумладан, диндорлар ва сиёсий мухолифатга қарши репрессиялар қораланади, мамлакатнинг янги тарихидаги фожиали воқеалар борасида ҳукуматнинг расмий нуқтаи назари савол остига олинади.

Муаллиф президент Ислом Каримовни, ўз таъбирича, халқни "Оллоҳ берган эркинликлардан маҳрум қилиш", "шафқатсизлик ва ҳокимиятни сақлаб қолиш йўлида ҳеч нарсадан қайтмаслик"да айблайди.

Шу йил август ойида Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхоннинг Тошкентдаги оиласи аъзолари Яшнобод туманида ташкил қилинган мажлисга чақирилганлар ва ёзувчининг "қора рўйхат"дан чиқарилгани хабар қилинган.

Қуйида ёзувчининг Президентга хати матни эълон қилинмоқда

Ўзбекистон Республикаси Президенти

Шавкат Миромон ўғли Мирзиёевга

Муҳтарам Президент жаноблари!

Давлатимиз бошига келганингиздан то шу кунгача қисқа муддат ичида анча йиллардан бери тушкун кайфиятда яшаб келаётган халқимизга катта умид бахш эта олдингиз. Бугун ичкаридагию ташқаридаги барча ўзбекистонлик Сизнинг ҳар бир сўзингиз, ҳар бир ишингизни кузатиб, ўзига таскин-тасалли бўладиган натижа кутяпти. Аста-секин эртанги кунига ишонч уйғона бошлади.

Сизга иккинчи марта хат ёзишим. Биринчи мартасида Сизнинг сайлов арафасидаги чиқишларингиздан, жамият ва давлат, сиёсат ва иқтисод ислоҳотига жиддий киришганингиздан руҳланиб каттагина хат ёзган, айрим соҳаларга тегишли ўзимнинг таклиф ва мулоҳазаларимни баён қилган эдим. Буниси иккинчи хатим.

Олдин қисқача ўзимни танитай.

Мен бир оддий ёзувчи Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхонман. Паспортда фамилиям: Отахонов. Ёшим 62 да. Узоқ йиллар "Ёшлик" (Бўлим мудири), "Муштум" (Масъул котиб), "Шарқ юлдузи" (Бўлим мудири), "Ҳидоят" (Бош муҳаррир) каби турли журналларда ҳамда "Мовароуннаҳр" нашриётида (Бош директор) ишладим. Бир неча китобим, бир бадиий филмим чиққан. Алишер Навоийнинг "Лайли ва Мажнун" достони асосида икки серияли филмнинг киносенарийини ёзганман. Булардан ташқари, жаҳон адабиётидан ‒ турк, ўрис, хитой, гуржи ёзувчиларининг асарларини ўзбекчага таржима қилганман. Юздан ортиқ китобни таҳрир этиб, нашрга тайёрладим.

Асосий гапга келсак:

2011-2013 йиллар "БУ КУНЛАР" номида "Ичга ичдан боқиш ‒ бир инсон, бир халқ ва бир мамлакат қисмати ҳақида ҳужжатли сиёсий-ижтимоий рўман" ёздим. 2016 йил апрелида шахсий веб-сайтимда эълон қилдим. Китобда муштипар халқимнинг бир зиёли, ёзувчи фарзанди ўлароқ 25 йиллик мустақиллик даври ҳаётимиз ҳақида ўз қарашларимни баён этдим. Албатта, фикр-мулоҳазаларим асосан танқидий руҳдадир. Аммо ҳаммаси айни ҳақиқатдир. Ҳатто айтса бўладики, ўтган тузум ҳақида китобда билдирилган деярли барча мулоҳаза ва хулоса юртимизга бош бўлганингиздан бери Сиз айтаётган мулоҳаза ва хулосалар билан деярли бир хилдир! Бу дегани "Бу кунлар" китобим бутун мавзусию ғояси билан янги талабларга тўла мос тушади деганидир. Фойдаланилса, бугунги сиёсатга энг яқиндан ёрдам берадиган китобдир.

Афсус, танқидга ўрганмаган, озгина бошқача мулоҳазани ҳам кўтара олмайдиган кимсалар китобнинг услуби ва ғоясини тўғри илғай олмадилар, шошма-шошар хулоса чиқариб, бирдан уни "давлатга қарши" деб баҳолаб юбордилар. Унинг муаллифи бўлган мени, гарчи лойиқ бўлмасам-да, аллақандай "қора рўйхат"ларга тиқиб қўйдилар.

Раҳмат кутган эдим, туҳматга қолдим.

Китоб чиққач, ўқиб, ундан тўғри хулоса чиқариб, йўл қўйилган хатоларни ўнглашга киришилса керак деб ўйлаган эдим, танқидга олинган камчиликлар бир четда қолиб, камчиликларни кўрсатган мен билан шуғулланиб кетдилар.

Муҳтарам Президент жаноблари!

Сизни ишонтириб айтаманки, "Бу кунлар" ғоясида асло давлатга қарши руҳ йўқ! Аксинча, давлат шаънини юксалтиришга чақириқ бор. Китоб бошидан-охиригача ёлғон, қалбакилик, зулм, ҳақсизлик каби ўта салбий хислатларга карши курашади. Давлат билан халқ билан бир тану бир жон бўлиши учун қандай йўл тутиш лозимлиги борасида йўл-йўриқ ва тавсиялар берилган.

Қолаверса, "давлат" ва "давлат бошлиқлари" бошқа-бошқа тушунчалардир.

Бошлиқ келиб-кетувчидир, давлат эса боқий. Бошлиқ тўғри йўлда бўлса, давлатнинг шаъну шавкатини юксалтиради, хато йўл билан бошқарса, эли-юрти назарида ҳам, дунё кўзида ҳам давлатнинг обрўйини туширади.

Шу боисдан ҳам сиёсатдаги айрим хатоликларни танқидни "давлатга қарши"лик деб баҳоланмайди, айни давлат манфаати учун қайғуришдир. Чунки ҳар қандай давлатчилик хатоларни танқид ва тўғри йўлни кўрсатиш билан ривожланади, мустаҳкамланади.

Яъни, кўп ишлар бошлиққа боғлиқ. Бошлиқ ва унинг бошқарув услуби ёмон бўлса, жамиятга қўшилиб энг катта зарар кўрган давлат бўлади. Бошлиқ ва унинг бошқарув услуби гўзал ва адолатли бўлса, давлатга шараф келтиради. Ўртада энг катта фойдани халқ кўради.

Унисига ҳам, бунисига ҳам тарих гувоҳ. Бизга ибрат олиш қолган, холос.

"Бу кунлар" илгари сурган бош ғоя шу ва бу нарса китобда кўп марта таъкидланган.

Танқиднинг танқиддан фарқи бор. "Бу кунлар"нинг танқиди тузатувчи, яратувчи танқиддир.

Зотан, Сиз ўзингиз ҳам ҳар бир нутқингизда давлатчилигимиздаги ва жамиятимиздаги хато ва камчиликлар ҳақида жон куйдириб сўзлар экансиз, давлатга қарши сўзламаяпсиз, аксинча, давлатнинг шаънини юксалтириш йўлида ғайрат кўрсатяпсиз. Чунки мақсад ўша камчилик ва хатоларни йўқотишдир. Мен шундай деб ўйлайман.

Шу нуқтаи назардан боқилса, "Бу кунлар" китобимни кўксидан итармай, ҳар ким уни ўқиши керак. Камтарликка терс келса ҳам айтай: "Бу кунлар" халқимга, ватанимга ва давлатимга жуда керакли, ҳартомонлама фойдали асардир!

Қани энди вақт топиб, асарни Сиз ҳам ўқиб чиқсангиз. Шунда бу айтилганларга ўзингиз ҳам ишонч ҳосил қилган бўлар эдингиз.

Биламан, иш кўп, бўш вақтингиз деярли йўқ. Лекин шу қимматли вақтингиздан бир бўлагини ушбу китобни ўқишга ажратсангиз, менимча, арзир эди. Чунки масала битта менинг тақдирим эмас, балки халқимиз, ватанимиз ва давлатимиз тақдиридир. Иншаоллоҳ, юртимга қайтган заҳотим бир китобимни Сизга етказишга ҳаракат қиламан.

Муҳтарам Президент жаноблари!

Хайрият, кейинги сиёсатлар натижасида китобимга ва менинг шахсимга муносабат ижобий томонга ўзгаряпти чоғи. Бир йил бурун бошим узра тўпланган қора булут аста-секин тарқала бошлади.

Ижтимоий адолатни тиклаш борасидаги сай-ҳаракатларингиз самараси ўлароқ, узоқ йиллар давомида "қора рўйхат"ларга тиркалган минглаб ватандошимиз номи оқланди. Бу дегани давлатнинг уларга, уларнинг давлатга ишончи тикланди, деганидир. Бу бир буюк иш бўлди!

Шулар қаторида менинг номим ҳам "қора рўйхат"дан ўчирилди. Мен бу хушхабарни Туркияда эканимда эшитдим ва адолат тикланганидан қувондим.

Лекин…

Орадан ҳеч қанча ўтмай, уйдан олган маълумотимга қараганда, қайсидир ташкилот тузган "Қидирилаётганлар рўйхати"га адашибми-чини биланми менинг ҳам номим тиркалиб, суратим осилибди.

Тушунмадим ‒ кечагина давлат мени "қора рўйхат"дан ўчирди, оиламга: "Энди мамлакатга бемалол қайтаверсинлар!" деди, икки ҳафтадан кейин менга қидирув эълон қиляпти!

Энди мен қайси бирига ишонай ‒ мени буткул оқлаган ва юртга чорлаган давлатгами ё мени ҳали ҳам қидираётган давлатгами?

Мени қидиришга ҳеч ҳожат йўқ.

Биринчидан, мен ватандан қочиб ёки қувилиб чиқмаганман ва ҳеч кимдан ҳеч қачон яширинмаганман. Истанбулда фарзандларим билан бирга очиқ яшайман. Уй адресимизни Ўзбекистоннинг Истанбул консуллиги ҳам билади. Чунки ўтган йилги президентлик сайловига оилам билан бирга бориб қатнашиб келганман.

Бундан ташқари, қаерда туришимдан тортиб тилпон рақамларимгача туманимиз Ички ишлар, МХХ бўлимларига, участка нозирига, маҳалла қўмитасига бериб қўйганман. Керак бўлганимда излаб топиш қийин эмасди, битта тилпон қилинса, ўзим етиб борардим. Ваҳима кўтариб, қанақадир "қидирув" эълон этиш шарт эмасди.

Иккинчидан ва асосийси, мен нима жиноят қилибманки, бунақа йўл билан "қидириламан"? Айбим эски бошқарувдаги хатоликларни танқид қилиб китоб ёзганимми? Давлатга фойдали фикр-мулоҳазалар билдирганимми?

Мана, Сиз деярли ҳар нутқингизда: "Гапиринглар!.. Танқид қилинглар!.. Таклиф беринглар!.." деб талаб қўйяпсиз. Булар тўғри талаблар! "Бу кунлар" китобим менинг гапим, менинг танқидим, менинг таклифимдир. Шу холос.

Мен ёзувчиман. Ватанимни, халқимни қаттиқ севганимдан, унинг оғирини енгил қилиш ниятида бир китоб ёздим. Давлатим олдида ҳам, халқим олдида ҳам, болаларим олдида ҳам юзимни ерга қаратадиган айбим йўқ. Ўғрилик қилмадим, давлат мулкини талон-тарож этмадим, милярдлаб тугул, бир дўллар ҳам пул ўмармадим.

Мен бор-йўғи бир китоб ёздим! Китоб ёзиш, кимларнидир ҳақли танқид қилиш жиноят бўлмаса керак.

Шу айб бўлса, айбим ‒ жим ўтиришни ўзимга эп кўрмадим, Ватаним ва халқим тақдирига жоним куйди! Менга деса палон бўпкетмайдими деб қўл силтаб кета олмадим! Эзгуликлар учун жон куйдиришни ўзимга шараф деб билдим!

Муҳтарам Президент жаноблари!

Тепада айтилганларни ҳисобга олиб, менинг ишимга шахсан аралашишингизни, масаламни узил-кесил ижобий томонга ҳал этиб беришингизни сўрайман. Ҳеч бўлмаганда бир-икки холис таҳлилчига топшириб, "Бу кунлар" китобимни бугунги кўз билан қайтадан баҳолатсангиз дейман.

Эртага, иншаоллоҳ, Ватанга қайтаман. Оллоҳ умр берса, куч-қувват ато этса, ватанимнинг ҳартомонлама равнақи йўлида ҳали кўп хизмат этиш ниятим бор. Аммо сафар олдидан мени бир нарса ўйлантириб қўйди: Ватанга давлат томонидан номи оқланган, айбсиз бир инсон бўлиб кириб бораманми ёки "қидирилаётган жиноятчи" мақомида кириб бораманми?

Ҳарҳолда бу иккинчиси бўлмас деб умид қиламан.

Давлат тепасига Сиз келишингиз билан халқимиз ва дунё ҳамжамияти кўзида энди-энди қайтадан ишонч қозона бошлаган, мустабидлик жандаси ўрнига ҳурлик ва озодлик либосини кияётган давлатимизга биринчиси ярашади, албатта!

Ҳурмат ва эҳтиром ила

Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон.

2017 йил сентабирининг 17-куни, якшанба.

http://nurullohuz.com/prezidentga-xat/