Президент Мирзиёев: ‘Афғон можаросининг ечими – шартсиз мулоқот бўлади'

Толибон

Сурат манбаси, courtesy

Ўзбекистон янги президентининг баён қилишича, Афғонистондаги вазиятни барқарорлаштириш нафақат минтақавий, балки глобал хавфсизликни таъминлашнинг муҳим шарти бўлиб қолади.

Шавкат Мирзиёевга кўра, Афғонистонда тинчликка эришишнинг ягона йўли - марказий ҳукумат ва мамлакат ичидаги асосий кучлар ўртасида олдиндан ҳеч қандай шарт қўймасдан, тўғридан-тўғри мулоқот олиб бориш бўлади.

Ўзбекистон президентининг БМТ Бош Ассамблеяси сўнгги сессиясида таъкидлашича, бунга ўзлари, яъни, расмий Тошкентнинг ишончи комилдир.

Бу - Ўзбекистон янги раҳбарининг афғон можароси ва унинг ечими юзасидан юқори минбардан туриб қилган илк чиқиши, баёноти бўлади.

Шавкат Мирзиёев ўзларининг жанубий қўшниларига илк бор ўтган йил октябрь ойида, ҳали Ўзбекистон муваққат президенти ва Бош вазири экан, эътибор қаратган.

Афғонистонга бевосита чегарадош Сурхондарё вилоятида сафарда экан, расмий Кобул билан ҳар томонлама ҳамкорликни кенгайтириш ва мустаҳкамлаш лозимлигини таъкидлаган.

Бу, ўз навбатида, Ўзбекистон янги раҳбариятининг Афғонистонга оид янгича сиёсати сифатида ҳам талқин қилинган.

Расмий Тошкент Афғонистондаги ижтимоий-иқтисодий вазиятни ўнглаш орқали хавфсизлик муаммосига ечим топиш сиёсатига мойиллик кўрсатаётганига оид баҳоларга сабаб бўлган.

Марҳум президенти Ислом Каримовнинг чорак асрлик бошқаруви давомида девор-дармиён қўшниси бўлмасин, Ўзбекистон Афғонистонга асосан хавфсизлик призмаси орқали қараб келган.

Минтақавий таҳлилчилар расмий Тошкентнинг бу каби мавқеи сабабини худди шу давр оралиғида аввалига Ўзбекистоннинг ўзи, сўнгра Тожикистон, Афғонистон ва Покистонда фаол бўлиб келган ва 2015 йилда Яқин Шарқдаги ИШИД жангари гуруҳига расман байъат келтирган Ўзбекистон Исломий ҳаракати хавфи билан ҳам изоҳлашган.

"Янгича сиёсат"

Шавкат Мирзиёев эса, Ўзбекистоннинг янги президенти экан, бор-йўғи бир неча ойнинг ўзида Афғонистонга ўзининг махсус вакилини тайин этган.

Чорак аср деганда, илк бор Афғонистонга ўз ташқи ишлар вазири бошчилигидаги ҳукумат ҳайъатини юборган.

Ўзаро савдо-сотиқ алоқаларини кучайтириш ҳаракатларига зўр берган, Афғонистонда бир қанча Савдо уйларини очган.

Афғонистонни ҳам ўз ичига олувчи қатор минтақавий лойиҳаларда ўзининг фаоллигини кучайтирган.

Аммо Афғонистон билан боғлиқ воқеаларнинг бу каби ривожи манзарасида Шавкат Мирзиёев Ўзбекистоннинг президенти сифатида афғон можароси ечимига илк бор Нью-Йоркда, БМТ Бош Ассамблеясининг шу кунларда бўлиб ўтаётган 72-сессиясида алоҳида тўхталиб ўтган.

Бошқа томондан, қандай мазмунда бўлмасин, Шавкат Мирзиёевнинг ҳар икки чиқиши Афғонистондаги хавфсизлик билан боғлиқ вазият қайта издан чиқиб бораётган бир пайтга тўғри келган.

Америка Қўшма Штатлари дохил қатор Ғарб ва минтақа давлатларининг қарийб 20 йиллик ҳарбий ва дипломатик саъй-ҳаракатларига қарамай, афғон можароси ҳануз ўзининг якуний ечимини топмаган.

Катта сондаги Ғарб бошчилигидаги иттифоқ қўшинларининг 2014 йилги сафарбарлиги эса, маҳаллий ва минтақавий жангари гуруҳларнинг қайта бош кўтариши ва Афғонистоннинг яна зўравонликлар гирдобига ботишига олиб келган.

Худди шу манзарада Хитой ва Россия афғон можаросига тинч йўл билан ечим топиш учун янги минтақавий дипломатик воситачи сифатида ўртага чиққан.

Аммо уларнинг бу йўлдаги саъй-ҳаракатлари бирор бир самара бермай туриб, президент Дональд Трамп бошчилиги остидаги янги АҚШ маъмурияти Афғонистонга оид янги стратегиясини эълон қилган.

У ерда ўзларининг ҳарбий ҳозирликларини кучайтириш ва қўшинлари сонини ошириш қарорида эканини баён қилган.

Аммо илк бор Афғонистондаги жангари гуруҳларга музокаралар эшикларини очиқ қолдиришлари эҳтимолини ҳам назардан соқит этмаган.

"Шартсиз музокаралар"

Ўзбекистон янги президентининг "шартсиз музокараларга" оид "ечими" ҳам Афғонистон ва афғон можароси билан боғлиқ воқеаларнинг ана шу каби ривожи манзарасида янграган.

"Музокаралар афғонистонликларнинг ўзлари ҳал қилувчи ўрин тутадиган ҳолда, Афғонистон ҳудудида ва БМТ шафелигида ўтиши лозим", - деган Шавкат Мирзиёев.

Ўзбекистон раҳбарига кўра, "Донишманд афғон халқи ўз тақдирини ўзи мустақил ҳал қилишга ҳақлидир".

Президент Мирзиёев, ўз навбатида, АҚШ Президенти Дональд Трамп маъмуриятининг Афғонистон билан қўшни мамлакатларни афғон муаммосини тинч йўл билан ҳал қилишга кўмаклашишга оид даъватини қўллаб-қувватлашларини ҳам билдирган.

Ўзбекистон Афғонистоннинг иқтисодий тикланиши, унинг транспорт ва энергетика инфратузилмасини ривожлантириш, миллий кадрларини тайёрлашга бундан кейин ҳам катта ҳисса қўшишда давом этишини таъкидлаган.

Шавкат Мирзиёевнинг юқори минбардан туриб уқтиришича, Афғонистон масаласи глобал миқёсдаги масалалар марказида бўлиши лозим.

Халқаро ҳамжамиятнинг саъй-ҳаракатлари эса, биринчи навбатда, Афғонистондаги ўткир ижтимоий-иқтисодий муаммоларни ҳал қилишга қаратилиши керак.

"Бу жафокаш юртда тинчлик ўрнатишга кўмаклашиш йўлидаги бизнинг умумий қатъий ҳаракатларимиз асло сусаймаслиги лозим", -дея баён қилган президент Мирзиёев.

Ўзбекистон ва Афғонистон - мавқеъ

Ўзбекистон Толибон тузуми қулатилган 2001 йилдан буён АҚШ бошчилигидаги ҳарбий иттифоқ қўшинларининг Афғонистондаги ҳарбий амалиётлари учун муҳим таъминот йўли вазифасини бажариб келган.

Қўшни Афғонистонни ташқи дунё билан ягона темир йўл ёрдамида боғлаётган ва ўнғай автомобил йўлига эга Ўзбекистон хорижий иттифоқ қўшинларининг оммавий сафарбарликлари ортидан ҳам муҳим мамлакат сифатида қолмоқда.

Хабарларга кўра, Сурхондарёга ташрифи чоғида Ўзбекистон муваққат президенти Афғонистон билан ҳамкорликни ривожлантириш учун барпо этилган 'Termez Cargo Сentre' халқаро логистика марказини ҳам бориб кўрган.

Бош вазир логистика маркази Афғонистон билан савдо алоқаларини кенгайтириш ва нафақат Сурхондарё, балки бутун Ўзбекистоннинг экспорт салоҳиятини ривожлантиришига умид билдирган.

Яқинда Афғонистон бу логистика марказидан фойдаланишни бошлашига оид хабарлар ҳам ўртага чиққан.

Ўзбекистоннинг ҳозирда марҳум президенти Ислом Каримов ҳам ўзининг сўнгги йилларда қилган чиқишларида Афғонистон борасида ўз ақллари билан сиёсат юритишлари ва ўзларига манфаат келтирадиган ишларни қилишларини алоҳида таъкидлаган.

Такрор ва такрор Афғонистон масаласида бетараф сиёсатларига содиқ қолишлари ва у ердаги бирор бир мухолиф гуруҳни қўллаш ниятлари йўқлигини урғулаган.

Афғонистон билан доимо икки томонлама муносабатда бўлишгани ва бундан кейин ҳам худди шу тариқа йўл тутишларини давомий равишда баён қилиб келган.

Аммо Ислом Каримов, "ҳатто, қудратли давлатлар бўлмайдими, ҳозир дунёда ҳеч ким афғон можаросининг эртанги ечими нима бўлишини билмаслиги, мавжуд вазият ўзларини жиддий ташвишга солаётганини" ҳам яширмаганди.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02