Тадбиркор ва фермерлар банкдан "нақд доллар олиши мумкин"

Конвертация бир неча ойда тўла очилиши кутилади.
Сурат тагсўзи, Конвертация бир неча ойда тўла очилиши кутилади.

Ўзбекистонда тадбиркорлар ва фермерлик хўжаликларига ўз банк ҳисобларидан нақд хорижий валютани ечиб олишга рухсат берилди. Бу ҳақида Ўзбекистон Марказий банки ўз веб саҳифасида хабар тарқатди.

"Ўз валюта маблағларидан эркин фойдаланишни кафолатлаш доирасида, хорижий валютада даромад кўрувчи хусусий тадбиркорлар ва фермерлик хўжаликларига ўз банк ҳисобларидан нақд хорижий валютани ечиб олиш ҳуқуқи берилади", - дейилади Марказий банк сайтида.

Подробно.уз Марказий банк раиси Тимур Ишметовга таяниб ёзишича, Ўзбекистон бир неча ойдан кейин аҳолига нақд доллар сотишни бошлашни режалаяпти.

"Ҳали аниқ кун белгиланмаган, лекин буни амалга оширамиз. Ўйлашимча, гап бир неча ой ҳақида кетяпти, аниқроқ санаси шароитга боғлиқ бўлади. Бу режаларни тузаётганимизда "етти ўлчаб, бир кес" тамойили бўйича амал қилдик. Бунинг бари иқтисодга таъсир қилиши мумкин", - деб айтган Ишметов.

Ўзбекистонда мамлакат фуқароси бўлган жисмоний шахслар 5 сентябрдан валютани пул айирбошлаш шохобчаларига сотиш ҳуқуқига эга бўлдилар. Валютани тижорий банклардан сотиб олган шахслар эса уни ўз карточкаларидан хорижда ечиб олишлари мумкин.

Марказий банк рақамларига биноан, конвертация очилишидан ўтган бир ҳафта ичида аҳоли банкка 200 миллиондан ортиқ доллар сотган, юридик шахслар эса - 100 миллион доллар.