Дин ва эътиқод эркинлиги бўйича махсус маърузачи Тошкентга келади

Зайд

Сурат манбаси, UN

Расмий хабарларга кўра, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти махсус маърузачисининг сафари шу йил сентябрь ойи охирига режаланган.

Таъкидлаш жоиз, бу - Аҳмад Шаҳиднинг Ўзбекистонга илк ташрифи бўлади.

Дин ва эътиқод эркинлиги бўйича махсус маърузачи Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Инсон Ҳуқуқлари бўйича Кенгаши томонидан тайинланувчи мустақил эксперт бўлади.

Аҳмад Шаҳид бу вазифани 2016 йил 1 ноябридан бошлаб бажариб келади.

Дин ва эътиқод эркинлиги бўйича махсус маърузачи ташкилотга аъзо давлатлардаги диний эркинлик билан боғлиқ вазият ва муаммоларни ўрганади.

Ўз навбатида, муаммовий вазиятларни ўнглаш учун ўз тавсияларини ҳам беради.

Ўзбекистон мустақиллиги билан кечган чорак асрдан ортироқ вақт давомида БМТ Дин ва эътиқод эркинлиги бўйича махсус маърузачисининг пойтахт Тошкентга ташрифига оид расмий хабарлар кузатилмаган.

Инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ аҳволнинг қанчалик абгорлиги мустақил Ўзбекистоннинг яқин-яқингача халқаро ҳамжамиятнинг диққат марказида турган, танқид тиғлари қаратилган асосий ва "оғриқли муаммолари"дан бири бўлиб келган.

Бу вақт давомида мамлакат қамоқхоналаридаги диний ва сиёсий маҳбусларнинг сони мингларга ҳам нисбат берилган.

Учрашув ва янгилик

Сўнгги янгилик эса, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Зайд Раад ал-Ҳусайн билан учрашувига оид расмий хабарлар манзарасида ўртага чиққан.

Икковлон ўртасидаги учрашув 19 сентябрь куни БМТнинг Нью-Йоркдаги Бош қароргоҳида бўлиб ўтган.

Агар, расмий хабар тафсилотларига таянилса, Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ аҳволнинг бугуни ва истиқболлари юзасидан ҳар икки томондан илиқ ва миннатдорчилик оҳангидаги сўзлар янграган.

Президент Мирзиёев Ўзбекистон фуқаролик жамиятини янада ривожлантириш, чинакам демократик давлат барпо этишнинг қатъий тарафдори эканини таъкидлаган.

Расмий хабарларга кўра, Олий комиссар, ўз навбатида, Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотларни қўллаб-қувватлашини яна бир бор тасдиқлаган.

Яқинда ишлаб чиқилган Ҳаракатлар стратегияси кенг кўламли янгиланишлар учун мустаҳкам асос бўлаётганини қайд этган.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Зайд Раад ал-Ҳусайн шу йилнинг май ойида Ўзбекистонга ташриф буюрган.

Ўзининг пойтахт Тошкентга икки кунлик сафари арафасида эса, ал-Ҳусайн БМТнинг Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари борасида аҳволни ўнглашга қаратилган янги чораларни эътироф этган.

Ўзбекистонда судлар тўғрисида қабул қилинган янги қонунлар амал қилса, ижобий ўзгаришларни кутиш мумкинлигини таъкидлаган.

Тошкент ва Олий комиссар

Ўзбекистоннинг ҳозирда марҳум президенти Ислом Каримов даврида расмий Тошкент БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссарининг мамлакатга келишига изн бермаган.

Зайд Раад ал-Ҳусайн эса, Ўзбекистонга май ойида қилган сафари чоғида мамлакатнинг янги президенти Шавкат Мирзиёев билан шахсан учрашган.

У бир ярим соат давом этган учрашув чоғида инсон ҳуқуқлари соҳасида "муштарак жиҳатларни топишгани ва бир қатор аниқ қадамлар борасида келишувга эришганликлари"ни айтган.

Мирзиёевнинг ислоҳотлар дастури, жумладан, адлия тизимидаги ўзгаришлар ва диний экстремизмни жиловлаш ҳақида фикр билдираркан, БМТ мулозими бу жараёнда шахс эркинликларининг инобатга олиниши муҳимлигини урғулаган.

"Бошқа мамлакатларда ҳам бўлгани каби, мен радикаллашув хавфини фақат қаттиққўл хавфсизлик чоралари ва репрессив сиёсат билан жиловлаб бўлмаслигини таъкидладим. Бу каби чоралар экстремистлар сафларига янги тарафдорлар ёллашни қулайлаштиради", - деб айтган.

Янгича ҳамкорлик

Президент Ислом Каримовнинг кутилмаган ўлимидан қисқа вақт ўтмай, 2016 йилнинг октябрида БМТнинг Тараққиёт Дастури ва Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказ ўртасида ўзаро англашув меморандуми имзоланган.

Ўзбекистон мустақил бўлганидан буён ҳар беш йилда БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича қўмитасига мамлакатдаги инсон ҳақлари вазиятига доир ҳисоб бериб келади.

Ўзбекистон фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар бўйича Халқаро пактни имзолагани боис, бу мажбуриятини қай даражада адо этаётганини кўрсатиши учун бундай қилиши шарт кўрилади.

Ҳар галги ҳисобот чоғида Ўзбекистоннинг ҳукумат ҳайъатига инсон ҳуқуқ ва эркинликлари давлат томонидан қўпол равишда поймол этилаётганига доир оғир-оғир саволлар берилган.

Бироқ Ўзбекистон томони қийноқлар ва мамлакат конституциясига зид бошқа амаллар мажудлигини инкор этиб келган.

Шавкат Мирзиёев ва инсон ҳуқуқлари

Инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ аҳвол Ўзбекистон янги президентининг БМТ Бош Ассамблеясининг сессиясида қилган илк чиқишида алоҳида тилга олиб ўтган мавзулардан бири бўлган.

Президент Мирзиёевнинг юқори минбардан туриб расман билдиришича, Олий комиссар ал-Ҳусайннинг ташрифи якунлари бўйича инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш кафолатларини мустаҳкамлаш юзасидан чора-тадбирлар дастури ишлаб чиқилган.

Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масалалари бўйича миллий ва халқаро нодавлат ташкилотлари билан очиқ мулоқотлари фаоллашган.

Инсонпарварлик тамойилларидан келиб чиқиб, шахсни қамоқда сақлаш билан боғлиқ кўплаб ҳолатлар қайта кўриб чиқилган.

Экстремизм ғоялари таъсирига тушиб қолган, тўғри йўлдан адашган фуқаролар ижтимоий реабилитация қилинмоқда.

Уларни соғлом ҳаётга қайтариш учун зарур шароитлар яратилмоқда.

Инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш соҳасидаги барча ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари фаолияти парламент ва фуқаролар томонидан доимий назорат қилиб борилмоқда.

Шу ой бошида эса, олти йил деганда, "Human Rights Watch" халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотининг делегацияси Ўзбекистонга ташриф буюрган.

Халқаро ташкилотнинг Марказий Осиё бўйича тадқиқотчиси Стив Свердлов, 'Human Rights Watch' қаторида бошқа ҳар қандай халқаро ташкилотларнинг Ўзбекистонга қайтиши масаласини инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ анчайин умумий контекстда кўришлари"ни айтган.

"Расмий Тошкент инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ халқаро қонунларда кўзда тутилган асосий вазифаларини бажаришга қодир ва буни қилиши шарт, деб ҳисоблашлари"ни билдирган.

"Бу - сиёсий маҳбусларнинг қўйиб юборилиши, сўз, фикр эркинлигининг таъминланиши ва пахта далаларида мажбурий болалар меҳнатига барҳам берилиши каби бошқа масалаларни кўзда тутиши"ни таъкидлаган.

Янгиланишлар...

Муваққат президент экан, Бош вазир Шавкат Мирзиёев ўтган йил октябр ойида Ўзбекистон суд-ҳуқуқ тизими фаолиятига боғлиқ янги фармонни имзолаган.

Ўзбекистон оммавий-ахборот воситалари 21 октябрь кунги фармон суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишни кучайтириш мақсадини кўзлагани ҳақида хабар беришган.

Айни шу фармонни имзолаши арафасида Либерал-демократик партиянинг қурултойида Шавкат Мирзиёев мамлакатдаги суд-ҳуқуқ тизими, ҳуқуқни муҳофаза қилиш идора ва ташкилотларининг фаолиятини танқид қилган.

У суд-ҳуқуқ тизимини тубдан ислоҳ қилиш, адвокатуранинг роли ва ўрнини кучайтириш, шунингдек, жиноят ишларини қўшимча терговга қайтариш амалиётидан воз кечишни таклиф қилган.

Бундан аввал Ўзбекистон Сенати жаноб Мирзиёевнинг таклифи билан амнистия тўғрисидаги қонунни қабул қилган.

Мирзиёевнинг президент вазифасини бажарувчи сифатида имзолаган илк қонунларидан бири ички ишлар идоралари тўғрисидаги қонун бўлган.

У, шунингдек, парламентнинг қуйи палатасига коррупцияга қарши кураш тўғрисидаги қонунни қабул қилишни таклиф этган.

Шавкат Мирзиёевнинг ижтимоий-иқтисодий соҳадаги илк қадамлари ва қонунчилик ташаббуслари мамлакатда ўзгаришларнинг муқаррар экани ҳақидаги умидларни уйғотган.

Аммо танқидчилар унинг фаолиятига ҳақиқий баҳони президент сайловларидан кейингина бериш мумкинлигини айтишганди.

Агар, расмий хабар тафсилотларига таянилса, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари шу йил ноябрь ойида Ўзбекистонга яна келади.

Зайд Раад ал-Ҳусайн Шавкат 10-11 ноябрь кунлари Самарқандда ўтадиган Марказий Осиёда хавфсизлик ва барқарор тараққиётнинг долзарб муаммолари бўйича халқаро анжуманга таклиф қилинган меҳмонлардан бири бўлади.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02