Чегарачилар Қозоғистонга қўшни қишлоқда бир кишини ўлдиришган

Чегарачилар Қозоғистонга қўшни қишлоқда бир кишини ўлдиришган
Ўзбек-қозоқ чегараси

Сурат манбаси, none

Сурат тагсўзи, Ўзбек-қозоқ чегараси

Ўзбекистондан келаётган хабарларга кўра, Жиззах вилояти Фориш туманининг Қозоғистон чегарасига яқин Омонгелди қишлоғи яшовчиси Раҳимжон Жаметов икки ўзбек чегарачиси томонидан ўлдирилган.

Қишлоқ яшовчилари Раҳимжон Жаметовнинг чегарачилар билан чиққан жанжал натижасида қаттиқ калтакланиб, ўлдирилганини айтганлар. Ҳодиса юзасидан тергов иши очилган.

Ўзбекистонлик журналист Ботир Норбойга кўра, кўнгилсиз ҳодисага Раҳимжон Жаметов ва яна бир омонгелдилик киши билан ўзбек чегарачилари ўртасида келиб чиққан жанжал сабаб бўлган.

"Раҳимжон Жаметов овулдоши Жайлар исмли киши билан дўконга киришган. Магазинда Ўзбекистон чегара хизмати аскарлари ҳам бўлган. Улар ўртасида миллий туйғуларга тегиб кетадиган гаплар бўлган", дейди Ботир Норбой.

Жалжал ташқарида давом этган ва "ширакайф аскарлар" Раҳимжон Жаметовни ҳам, унинг ҳамроҳини ҳам қаттиқ калтаклашган.

"Раҳимжон ўша пайтдаёқ оламдан ўтган. Жайлар ҳушидан кетган, ҳозирда оғир аҳволда касалхонада ётганини айтишяпти", дейди ўзбекистонлик журналист.

Ҳозир аскарлар устидан жиноий иш очилгани ва тергов бўлаётгани айтилади.

Омонгелди қишлоғи Қозоғистоннинг Чордара ва Еттисой туманларига чегарадош.

Ўтмишда Омонгелди қишлоғида 300дан ортиқ оила истиқомад қилган, ҳозирда эса, бу рақам 30тани ташкил этади.

"У ерда яшовчилар қозоқ миллатига мансуб бўлганлари учун Қозоғистонга кўчишяпти", дейди Ботир Норбой Би-би-си билан суҳбатда.

Сўнгги хабарларга кўра, Қозоғистоннинг Тошкентдаги элчихонаси Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигидан ҳодисага ойдинлик киритишни сўраган.

Раҳимжон Жаметов Қозоғистон фуқаролигини олиш учун ариза берган шахс бўлган.