Ўзбек пахтасини олувчи Ғарб ширкатлари шикоятларга юз тутмоқда

Халқаро танқидларга қарамай, Ўзбекистон пахта далаларида мажбурий болалар меҳнати давом этмоқда
Сурат тагсўзи, Халқаро танқидларга қарамай, Ўзбекистон пахта далаларида мажбурий болалар меҳнати давом этмоқда

Иқтисодий Ҳамкорлик ва Тараққиёт Ташкилотининг британ мулозимлари икки британ ширкатининг Ўзбекистондан пахта сотиб олишига қарши тушган шикоятлар туфайли музокаралар очилганини маълум қилишган.

Британия ҳукумати веб саҳифасида Cargill ва ICT ширкатлари устидан тушган шикоятлар қабул қилингани айтилади.

Британиянинг Миллий Мулоқот Маркази идораси энди Cargill ва ICT ширкатлари билан расмий воситачи ёрдамида мулоқотга киришини билдирган.

Миллий Мулоқот Маркази Cargill ширкатининг шикоятни буткул рад этиш талабини ҳисобга олмаган.

Шикоятлар олмон ноҳукумат ташкилотлари, хусусан Ўзбек-Олмон Инсон Ҳуқуқлари Форуми, Гвидо Эрлер, ҳамда Конституциявий ва Инсон Ҳуқуқлари бўйича Оврўпо Маркази томонидан жўнатилган.

Бу ташкилотлар ўзбек пахтасини сотиб олувчи ва бу билан гўёки Ўзбекистондаги мажбурий болалар меҳнатини рағбатлантирувчи Оврўподаги ширкатларни нишонга олиб келади.

Ташкилотлар ўз шикоятлари ҳукумат идораси томонидан қабул қилингани ва шикоятга учраган ширкатлар билан музокаралар очилганини ижобий қадам дея баҳолашмоқда.

Охирги йилларда ўнлаб ширкатлар, хусусан Wal-Mart, Tesco, Marks & Spencer, Target, ва Gap айнан болалар меҳнати туфайли ўз маҳсулотларига ўзбек пахтасини аралаштирмасликка ваъда беришган.

Бироқ, бир қатор Ғарб ширкатлари ўз маҳсулотларида қўлланувчи пахта манбаи қаерда экани билан қизиқишдан бош тортиб келишмоқда.